Франция терма жамоаси ҳужумчиси Антуан Гризманн ўз жамоасининг олдиндаги Европа чемпионати турниридаги имкониятлари ҳақида фикр билдириб, французларни турнирнинг асосий фаворити деб атади.

«Франция терма жамоасида аъло даражадаги футболчилар йиғилган. Футболчиларнинг барчаси кучли клублада тўп суришади, шундай экан бу таркибни чемпионлар таркиби дейишимиз мумкин.

Биз бўшашмаслигимиз ва гуруҳ босқичидаги 3 учрашувда ғалаба қозонишимиз керак. Кейин алоҳида режа тузамиз. Жамоада муҳит ажойиб даражада. Биз кўп ҳазил-ҳузил қиламиз, барчанинг ўзаро  муносабатлари жуда яхши. Бу эса ўйимизда ҳам акс этади. Биз ҳамиша ўз шерикларимиз учун курашамиз ва ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

Таркибда тажрибали футболчилар билан бирга жуда ёш йигитлар бор. Кийим алмаштириш хонасида Эвра ва Льорис каби тажрибали футболчилар билан гаплашишни ёқтираман, Коман, Марсиял ва Погба эса шоввоз йигитлар. Буни Франция терма жамоаси учун фақат ижобий ҳолат деб биламан.

Рақибларми? Германия, Испания. Менимча, Италия ҳам ярим финалга етиб борса керак. Енгиш қийин бўлган жамоаларга рўбару келганимизда эса, бизга омад керак бўлади», — дея Гризманннинг сўзларини келтиради Goal портали.