Скандинавиялик таниқли ABBA гуруҳининг 4 иштирокчиси 5 июнь куни жамоанинг ярим асрлик юбилейига бағишлаб биргаликда концерт беришди. Бу ҳақида NME портали хабар беради.

Агнета Фельтског, Бьорн Ульвеус, Бенни Андерссон ва Анни-Фрид Лингстад Стокгольмдаги меҳмонхонада уюштирилган кечада яна қайта бирга куйлашди. Маълум қилинишича, машҳур қўшиқ муаллифлари Ульвеус ва Андерссон илк бора кўришишганда, бирга ишлашга қарор қилишади ва ABBA гуруҳини ташкил этишади. 
Швециянинг Expressen нашри маълумотларига кўра, кеча давомида Агнета Фельтског ва Анни-Фрид Лингстад The Way Old Friends Do қўшиғини ижро этишди. Қўшиқ сўнгида эса уларга Ульвеус ва Андерссон қўшилишди.

Анни-Фрид Лингстад қайд этишича, хонандаларнинг бир саҳнада яна қўшиқ куйлаши «чинакамига ажойиб» бўлган ва «ностальгик туйғулар»ни жунбушга келтирган. Бенни Андерссон эса бу ҳодисани «буюк кеча» дея атади.