Huawei компанияси серверлар учун Hi1612a номини олган шахсий процессорини яратди.

Қурилма 16 нанометрли технология асосида Taiwan Semiconductor Manufacturing Company (TSMC) корхонасида ишлаб чиқарилаётгани маълум бўлди. Чип 16та ядродан иборат. 64 битли инструкцияларнинг қўлланилиши ҳамда ARMv8-A платформаси билан мослашиши айтилмоқда. Афсуски, процессорнинг бошқа тавсифлари келтирилмади. 

Шуни таъкидлаш жоизки, Huawei анчадан бери мобил қурилмалар учун шахсий процессорларини ишлаб чиқаради. Масалан, ўтган йилнинг охирига келиб, компания смартфон ва фаблетлар учун қудратли Kirin 950 чипини намойиш қилди. У иккита кластерга ажратилган 8та ядродан иборат - бу 2,53 ГГц'ли Cortex-A72 квартети ҳамда 1,8 ГГц'ли Cortex-A53 квартети. График компоненти Mali T880MP4 интеграциялашган  контроллерга асосланади. Чип LTE Cat.6 уяли модемга эга; VoLTE (Voice over LTE) технологияси - тўртинчи авлод мобил тармоғининг овозли тизими қўлланади. 

Кузатувчиларнинг фикрича, Huawei'нинг шахсий сервер процессорларини ишлаб чиқариши - дадил қўйилган қадам. Гап шундаки, унга мувофиқ келувчи бозор маълум маънода мураккаб, чип ишлаб чиқарувчилар ҳам барқарорлик, маҳсулотларнинг ишончлилиги, узоқ муддатли таъминот каби кўп омилларни ҳисобга олиши керак бўлади.