1952 йилги "жаноб Коинот" соврини соҳиби ҳиндистонлик бодибилдер, Манохар Айч 105 ёшида Калькуттада вафот этди, деб хабар қилган маҳаллий ОАВ. 

Мустақил Ҳиндистон тарихида, бодибилдерлар орасидаги энг юксак совриннинг биринчи соҳиби бўлган спортчи 5 июнь куни ҳаётдан кўз юмган. 

Ўғли Маножнинг сўзларига кўра, Айч "ёш билан боғлиқ" нохушликлардан ҳалок бўлган.

Айч 1942 йили Британия колониал ҳукумати қошидаги қироллик ҳарбий ҳаво кучлари сафига қабул қилинганидан бошлаб, спортга ошно бўлган. Аммо Британияга қарши намойишларда иштирок этгани учун қамоққа ташлангач, спорт билан жиддий шуғуллана бошлаган. Унинг саъй-ҳаракатлари эса, ўз самарасини бермай қолмади. 1950 йилда Айч "Жаноб Геркулес" совринини қўлга киритди. Шундан сўнг, у "Чўнтак Геркулес"и лақаби билан чақириладиган бўлди. Чунки унинг бўйи атиги 1,5 метрни ташкил этган. Бу ғалаба эса, Лондонда бўлиб ўтган "жаноб Коинот" мусобақасида иштирок этишига туртки берди.

Узоқ ва машаққатли машғулотлардан сўнг, Айч 1952 йили орзусига етиб, бодибилдерлар ўртасидаги энг олий мукофотни қўлга киритди. Шундан сўнг, у бир неча бор кўплаб биринчиликларда ғолиб бўлиб, совринлар соҳибига айланган. 

Айч 100 ёшга кирганида, шунча узоқ яшаганига қарамай, биргина армони ушалмагани, яъни Арнольд Шварценеггер билан шахсан таниша олмаганини айтганди.