Испанияда Миллий гвардия жангчилари ичида 50 кг марихуана бўлган тез ёрдам машинасини ушлашди. Бу ҳақда 6 июнда El Mundo нашри маълум қилди.

Гиёҳвандфурушларни ушлаш бўйича операция аноним қўнғироқ натижасида амалга оширилди: ўзини Мадрид яқинида турувчи фермер деб таништирган одам қўшни фермада шубҳали одамлар изғиб юргани ва қизил хоч тасвирли фургон тургани ҳамда унга номаълум ўралган нарсалар ортилаётгани ҳақида хабар берган. Воқеа жойига етиб келган полиция Бельгия рақамларига эга бўлган тез ёрдам машинасини аниқлади ва ферма ортидан яширин кузатув ўрнатди.

Бир неча соатдан кейин тез ёрдам машинаси дарвозадан чиққандан кейин полициячилар ҳайдовчига тўхташни буюришган. Ҳайдовчи машинанинг орқа эшигини очганда ҳуқуқ-тартибот муассасалари наша ҳидини ҳис қилишган. Тинтув вақтида тез ёрдам кўрсатиш учун барча зарур жиҳозлар билан жиҳозланган машина икки қаватли шип билан жиҳозланган бўлгани, унинг ичидаги пана жойда 60 минг евролик гиёҳванд модда сақлангани аниқланган.

Машина ҳайдовчиси, Брюсселда яшовчи 28 ёшли марокашлик Муҳаммад ҳамда ферманинг эгаси, 26 ёшли доминиканлик Антонио исмли кимсалар ушланган. Терговчилар гиёҳвандфурушлар тўдаси ярим йил аввал ташкил этилгани айтишган ва ҳозирда Испанияга марихуана қаердан импорт қилинганини аниқлашга уринмоқдалар.

Испанияда каннабисни ўстириш ва истеъмол қилиш тақиб қилинмайди. Шу билан бирга Испанияга марихуана транспортировка қилиш ва уни сотиш қамоқ жазоси берилувчи жиноят ҳисобланади. Бу гиёҳванд моддани сотиб олиш, сақлаш ва жамоатчилик жойида истеъмол қилиш жарима билан жазоланади, каннабиснинг ўзи эса мусодара қилинади.