Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Авиасозлар» («Кадишева») деҳқон бозори маъмурияти бозорнинг ёпиб қўйилгани ҳақидаги хабарларни рад қилди.

Бундан олдинроқ, маҳаллий нашрлардан бирида бозор ёпилгани тўғрисида хабар берилганди.

UZ24 сайти бозор маъмуриятига мурожаат қилган ва хабарга изоҳ сўраган. Маълум қилинишича, 5 июнь куни бозорда тозалик куни эълон қилинган ва бозор вақтинчаликка ёпилган. 5-6 июнь кунлари давомида бозор ҳудуди чиқиндилардан тозаланмоқда, бу ишларда шаҳар ҳокимияти қошидаги ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ёрдам кўрсатилмоқда.

"Бозорда ҳеч нарсани бузилмаяпти, биз санитария куни ўтказмоқдамиз. Халқ учун бозор тоза бўлиши керак. Озиқ-овқат расталари ва дўконларнинг барчаси жойида. Биз тозалаяпмиз, дезинсекция қиляпмиз", дея вазиятга изоҳ берган маъмурият вакили.

"7 июнь куни соат 7да бозор дарвозалари очилади. Балки, бугун куннинг иккинчи ярмида очилиши мумкин", деган у.

Kun.uz сайтининг бозорда хизмат кўрсатувчи манбаси маълумотига кўра, «Кадишева» бозори 23-24 июнь кунги Тошкент саммити вақтида шаҳар меҳмонлари зиёрат қиладиган 5та бозордан бири ҳисобланади ва бозорда бунга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда.

Шунингдек, бозор атрофида ноқонуний равишда савдо қилиш билан шуғулланиб келаётган савдогарлар кўчирилмоқда.