Қозоғистон ИИВ ва маҳаллий ҳукумат, мамлакат ғарбидаги Ақтўбе шаҳрига экстремистларнинг ҳужумидан ҳалок бўлган ва жабрланган ҳарбийлар ҳамда полиция ходимларига ёрдам бериш чораларини кўрмоқда. Республика ички ишлар вазири  Калмуханбет Касимов вазирлар маҳкамаси йиғилишида шу ҳақда маълум қилган.

Ақтўбе вилояти раҳбари Бердибек Сапарбаевнинг сўзларига кўра, маҳаллий ижро ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Ақтўбедаги вазиятни ўз назоратида ушлаб турибди. У айни вақтда "барқарор" деб баҳоланмоқда. 

Республика ИИВ маълумотларига кўра, 5 июнь куни "ноанъанавий диний радикал оқимлар" тарафдорларидан иборат гуруҳ, Миллий Гвардиянинг Ақтўбедаги ҳарбий қисми ҳамда шаҳардаги қурол дўконларига ҳужум қилган. Бунинг оқибатида, қурбонлар ва яраланганлар бор. Полиция, қатор жиноятчиларни йўқ қилгани ва ҳибсга олгани ҳақида маълум қилган. Жиноятга алоқадор бошқа кишилар шахси аниқланган, улар қидирилмоқда. 

Айни вақтда, шаҳарда аксилтеррористик амалиёт тартиби ҳукм сурмоқда. Республика президенти Нурсултон Назарбоев Ақтўбедаги вазиятни ўз назоратига олган.