Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси баёнотига кўра, чимкентлик тадбиркор Тохтар Тулешов, мамлакатдаги ҳокимиятни беқарорлаштиришга уринган, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги қўмита вакили Руслан Карасев сўзларига асосланган ҳолда. 

«Жаноб Тулешов, бирмунча вақт тайёргарлик ишларини олиб борган, ўтган йилдан эътиборан эса, ҳокимиятни куч билан эгаллаш мақсадида амалий чораларни кўра бошлаган. Унинг режасига мувофиқ, зиддиятли нуқталарни барпо этиш, норозилик намойишлари ўтказиш ва оммавий тартибсизликлар билан мамлакатдаги вазиятни издан чиқариш устида иш олиб борилган. Бунинг натижасида, Тулешов муқобил ҳукуматни шакллантириб, мавжуд ҳокимият тузилмалари фаолиятини ўзгартиришни ўйлаган», — деб баёнот берган Карасев. 

Чимкент пиво заводи хўжайини бўлган Тулешов 30 январда ушланган. У жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштирганлик ва гиёҳванд модда сақлаганликда гумонланланганди.

Ўтган дам олиш кунлари қўмита ходимлари Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида Тулешовга шерикликда гумонланган бир неча собиқ амалдор ҳам ҳибсга олишган. 

Терговга олиб келинганлар орасида Қозоғистон бош прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Иляс Бахтибаев, Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаментининг собиқ бошлиғи, генерал-майор Доскалиев унинг биринчи ўринбосари, полиция полковниги Сакен Айтбеков ҳам бор.

Мазкур иш бўйича Мудофаа вазирлигининг “Жануб” минтақавий қўмондонлигига қарашли 35748 ва 55653-ҳарбий қисмлар раҳбарлари  полковниклар Беҳзод Жумин ва Кайрат Берлибоев ҳам қўлга олинган.

Ушбу шахслар  вақтинчалик ушлаб туриш изоляторига юборилган.

Тўхтар Тулешов кенг жамоатчиликка бундан 10 йиллар муқаддам танила бошлаган. У ўзини нафақат "Шимкентпиво" заводи эгаси бўлган бой одам, балки маданият ва санъат ҳомийси, журналист ва терроризм масалаларида эксперт қатори ҳам танита бошлаган.

2010 йили YouTube порталида Тулешовнинг қизининг таваллуд куни муносабати билан ташкил этилган ҳашамат тасвирлари тарқалиб кетди.

Бу видео тарқалгач Тулешов ва Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органлари  ўртасида зиддият юзага келган. 

Шундан сўнг Тулешов кўп вақтини Россияда ўтказа бошлаган.

"Чимкентлик пиво қироли" Тўхтар Тулешов Қозоғистонда рус тили ва маданияти ҳимояси учун қилган чиқишлари билан ҳам Москванинг эътиборига тушган.