Бугун пойтахт кўчаларидаги қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Мавжуд таъмирталаб йўллар текисланиб, бошқа бири эса кенгайтирилмоқда. Буларнинг бари, албатта, тошкентликлар ва шаҳар меҳмонлари учун қулайлик яратиш мақсадида, қолаверса, шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштириш ниятида малга оширилаётган эзгу ишлардир. Сабаби эртага фойдаланишга топшириладиган бу йўллар, бир кун келиб ҳар бир одамнинг узоғини яқин қилишга, кайфиятини кўтаришга, халқнинг бунёдкорлигидан фахрланишига сабабчи бўлади.

Аммо ана шу қурилишлар баҳонасида юзага келаётган айрим ноқулайликлар, ноқулайлик бўлганда ҳам инсон ҳаётига зиён етказиш хавфини туғдираётган вазиятлар киши кўнглини бироз хира қилади.

Гапимиз исботи тариқасида қуйидаги ҳолатни келтирамиз. “Фейсбук” ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳи фойдаланувчиларидан бири Чилонзор туманидаги Муқимий кўчасида бораётган қурилишлар ҳақида гапириб ўтган.

“Спорттовар”да бундай мегатирбандликнинг юзага келиши биринчи кун эмас. На светафор бор, на ЙПҲ ходими”, деган Максим Фидосьин деган фойдаланувчи.
У гапининг исботи тариқасида машинасида олинган видеороликни илова қилган. Унда Муқимий кўчасида кетаётган қизғин қурилиш ишлари ва шу билан бирга юзага келган катта тирбандликка гувоҳ бўлиш мумкин. 

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, фойдаланувчи айтиб ўтганидек, ушбу тирбандликни назорат қилиш учун бу ерда на йўл чироғи ва на ЙПҲ ходими кўринган.
Фойдаланувчи айтиб ўтган жой Муқимий кўчаси ва Қатортол кўчаларининг кесишмасидир. Гувоҳларнинг сўзларига қулоқ солинадиган бўлса, ушбу кўчада қурилиш ишлари бошлангандан бери, айнан шу ердаги йўл чироғи олиб ташланган. Натижада автомобиллар ҳаракатининг чекланишига, қолаверса, йўловчилар ҳаракатида ҳам кескинлик келтириб чиқаришга сабабчи бўлмоқда.

Бундан ташқари, кўча ёқасида жойлашган 173-умумтаълим ўрта мактаби қаршисида ҳам йўл чироғининг ёки пиёдалар ўтиш йўлакчасининг йўқлиги, эртага имтиҳонларга ва мактабдаги тўгаракларга қатновчи ўқувчиларнинг кўчадан ўтиб олиш борасидаги ҳаркатларини хавф остига қўяди.

Айтмоқчи бўлганимиз, бўлаётган бунёдкорлик ишларини ёхуд йўллардаги айрим ҳолатларни танқид остига олиш эмас. Шунчаки, мутасадди ташкилотлар мазкур вазиятлар, ҳолатлар юзасидан янада масъулиятлироқ бўлишса, янада яхши бўларди, деган фикрни етказишдир. Зеро, эртага бирор-бир фалокатнинг ёмон оқибатини ҳал этиб, эс кетгунча, уни ҳозироқ олдини олган маъқул.