Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар ўз долзарблигини асло йўқотмаган. Бунга аҳоли сонининг ўсиши, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш имкониятларидан етарли даражада фойдаланмаслик, мавжуд ер ва сув ресурсларидан чекланган миқдорда фойдаланиш сабаб бўлмоқда.

Озиқ-овқат етишмовчилигининг яна бир сабаби иқтисодий инқироз, қурғоқчилик ва ҳосилнинг кам йиғиштириб олинишида кўзга ташланмоқда. Шунингдек, айрим давлатлар озиқ-овқат маҳсулотларига баҳо белгилашда қўяётган хатоликлар ҳам озиқ-овқат муаммоларини келтириб чиқарган.

Бугунги кунда сайёрамиз аҳолиси тезлик билан  кўпайиб бормоқда. Айни дамда ер юзида 7 миллиард инсон истиқомат қилмоқда. БМТ таҳлилчиларининг сўзларига қараганда, яна 40 йилдан сўнг сайёрамиз аҳолиси 9 миллиард 300 миллион кишидан ошиб кетади. Асримиз охирига бориб эса аҳоли сони 10 миллиард кишидан ортиб кетиши мумкин. Бироқ туғилиш кўпайгудек бўлса бу рақам 15 миллиард кишига етиши эҳтимоли бор.

Бу ҳақда БМТнинг Aҳолишунослик фонди маълум қилди. Тадқиқотчилар фаровонлик даражасининг ошиши, таълимдаги ислоҳотлар ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ туғилиш камайиши мумкин, деган қарашларни ҳам ўртага ташлашмоқда. Бундан 60 йил аввал бир аёлга ўртача 6 нафар бола тўғри келган бўлса, эндиликда бу рақам анча камайган. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда бир аёлга 1,7 бола тўғри келса, ривожланаётган мамлакатларда бир аёлга 4,2 нафар бола тўғри келади. Дунё бўйича бу рақам 2,5 ни ташкил қилади.

БМТнинг Аҳолишунослик фонди маълумотларига қараганда, аҳоли сонининг ўсишига инсоният қўлга киритаётган муваффақиятлар бош омил бўлмоқда. Аҳолининг ўсиши Осиё ва Африка қитъалари ҳисобига бўлмоқда. Аҳоли сонининг ошиб бориши билан озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ҳам ортиб бориши ҳеч кимга сир эмас. Инсониятни боқиш учун 2050 йилга бориб озиқ-овқат маҳсулотларини ҳозиргига қараганда 80 фоиз кўп ишлаб чиқаришни тақозо этади.

Таҳлилчилар озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ривожланаётган мамлакатларга нисбатан ривожланган мамлакатлар ҳиссасига кўпроқ тўғри келишини таъкидлашади. Шуни афсус билан таъкидлаш керакки, қашшоқ мамлакатларда аҳоли тўйиб овқат емаётган бир вақтда ривожланган мамлакатлар аҳолиси кўп овқат истеъмол қилишдан семириб кетмоқда.


Бугунги кунда ер юзида 600 миллион аҳоли меъёридан кўп овқат истеъмол қилиши айтилади. АҚШ ҳиссасига юз миллион киши тўғри келади. Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида аҳоли кўп овқат еяётган бир вақтда ривожланаётган мамлакатларда овқатланиш яшаб қолишнинг бир имкони сифатида кўрилмоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизи тўйиб овқат емайди. Жаҳонда болалар ўлимининг 55 фоизи тўйиб овқатланмаслик оқибатида юз бермоқда. Сайёрамизда тўйиб овқат емаётганлар сони йил сайин ошиб бормоқда.

Тўйиб овқат емаётганлар, асосан, Жанубий Америка, Африка ва Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Африка қитъаси ер юзидаги энг қашшоқ минтақа сифатида тан олинган. Масалан, Сомали, Уганда, Чад, Мозамбик, Эфиопия каби мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан кўпроғи тўйиб овқат емайди. Калорияси кам овқат ейдиган фуқаролар ҳам, асосан, Африка, Кариб ҳавзаси мамлакатларида истиқомат қилиши айтилади. Бу эса нафақат жисмоний ўсишни, балки ақлан ривожланишни ҳам тўхтатар экан. Алал-оқибат бу каби ҳолатлар инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши руҳшунослар томонидан айтиб келинади. Масалан, ривожланаётган мамлакатларда ҳар йили “А” витамини етишмаслиги оқибатида юз мингга яқин боланинг кўриш қобилияти сустлашиши таъкидланади.

Олимлар “экотизимга зиён етказилмаган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайтирилиши зарур”, деган фикрларни айтишади. Бир қатор тадқиқотчилар инсоният ўсимликлардан иборат парҳез таомларга ўтиши лозим, деган қарашларни ҳам ўртага ташлашмоқда. Шунингдек, нисбатан арзонга тушадиган товуқ каби парранда гўштларини етиштиришга ҳам катта аҳамият берилиши лозим, деган таклифлар ҳам айтилади. Бир қатор экспертлар эса, океаннинг биологик ресурсларидан фойдаланиш учун вақт етиб келганлигини айтишади. Бироқ олимлар океанни асл ҳолича сақлаб қолиш учун уни тинч қўйиш кераклигини ҳам бот-бот таъкидлайдилар. Уларнинг фикрича, океан ресурсларидан шошма-шошарлик билан фойдаланиш экотизимга зиён етказиши мумкин. Океан ресурсларига инсонларнинг аралашуви сув жониворларининг қирилиб кетишига сабаб бўлар экан. Олимлар жаҳон океанларида бир йилда энг кўпи билан 150-180 миллион тонна балиқ овланиши кераклигини айтишади. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда бир йилда 100 миллион тонна балиқ овланади.

Бир гуруҳ таҳлилчилар ривожланган мамлакатларга мурожаат қилиб, “жаҳонда одамлар тўйиб овқатланмаётган бир вақтда биоёқилғилардан фойдаланишни тўхтатиш лозим”, деган таклифни беришмоқда.

Шу билан бирга қашшоқ мамлакатлардаги ёшларни ишга жойлаштириш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасидаги мувозанатни излаш ҳамда одамларни бир юртдан иккинчи мамлакатга кўчиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ҳам асосий муаммолардан ҳисобланади. Биринчи навбатда, ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий меҳнат бозорида ёшлар орасидаги ишсизлик даражасининг ошиб бораётгани, иш билан таъминланаётган ёшларнинг иш жойларидаги аҳволнинг ёмонлиги ҳам асосий муаммо сифатида кўрилмоқда. Сўнгги ўн йилликда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганларнинг ишсизлиги ошиб бормоқда. Шу билан бирга иш билан таъминланган юз миллионлаб ўсмирлар қашшоқликда яшаётгани ҳам тан олинади. Жаҳондаги ишсизларнинг тенг ярми ёшлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса гиёҳвандларнинг кўпайиши ва ёш йигит-қизлар томонидан содир этиладиган  жиноятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли ҳам жаҳон мамлакатларининг ёшлари иш билан таъминланиш борасида юзага келган вазиятдан жиддий ташвишга тушиб қолишди ва вазиятни яхшилаш борасида жиддий чора-тадбирлар кўриш керак, деган талаб ва таклифларни билдиришмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов