РФ ва Қирғизистон ҳукумат раҳбарлари Дмитрий Медведев ва Сооронбой Жээнбековлар ўртасидаги музокаралар натижаси ўлароқ, икки мамлакат ўртасида нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришга оид битим имзоланди. 

Унга кўра, Россия Қирғизистон ички эҳтиёжи учун экспорт қилаётган нефть ва нефть маҳсулотларидан экспорт солиғини олмайди. Солиқсиз маҳсулотлар ҳажми эса, 31 декабргача бўлган муддатда аниқлаб олинади. 

Мазкур битим имтиёзли нефть маҳсулотлари қайта экспорт қилинишини тақиқлайди. Мабодо, шундай ҳолат қайд этилгудек бўлса ҳамда 2 ой муддат ичида ўзаро келишувларга эришилмаса, Россия томони солиқсиз етказиб беришларга чек қўя олади. Бу қоида, асли Россияда ишлаб чиқарилган ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа аъзоларидан олиб кирилган нефть маҳсулотларига ҳам тегишлидир. 

Россия Қирғизистон ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг 90 фоизини етказиб беради. Мамлакат бир йилда 1 млн тонна нефть маҳсулоти истеъмол қилади.