Маълумки, Ўзбекистонда ҳар йили 6 июнь куни буюк рус шоири Александр Сергеевич Пушкин таваллуди ва хотирасига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказилиб келинади. 

Ушбу анъанага мувофиқ бугун соат 9:00 да Бобур номли хиёбон ёнида шоир, ёзувчи ва драматург Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 217 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.  Мазкур тадбир шоирнинг ҳайкали ўрнатилган ҳиёбонда бўлиб ўтиб, унда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, таниқли ўзбек ва рус шоирлари, адабиётшунос олимлар, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Республика байналмилал маданият маркази вакиллари, ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этди. 

Тадбирни  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Республика Байналмилал маданият маркази директори ўринбосари Сергей Миронов, Россия Фан ва маданият марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика ва бошқалар Пушкин ҳаёти ва унинг камтарона ижоди икки халқ маданий алоқалари ривожига катта ҳисса қўшганлиги ҳақида сўзлаб ўтишди. 

Тадбирда ўқувчилар ўртасида Пушкин ижодини ўрганишга бағишлаб ўтказилган танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Ўқувчи ва талаба ёшлар  томонидан Пушкин ижодидан ва шоирга атаб айтилган шеърлар йиғилганларнинг олқишларига сабаб бўлди. 

Пушкин пойига гулдаста қўйиш маросимидан сўнг тадбирнинг маданий қисмига ўтилиб, “Табассум” номли рус рақс гуруҳининг жажжи “оққушлар”и хиром этишди. 
Шундан сўнг, Ўзбекистон Халқ артисти Нормўмин Султонов томонидан ижро этилган М.Глинканинг “Я помню чудное мгновенью”,  П.Чайковскийнинг Ленский операсидан “Евгений Онегин” операси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Динара Миняева ижро этган – А.Рубинштейннинг “Ночь”, Республика танлови ғолиби Султонбек Абдураҳимов – С.Раҳманиновнинг “Не пой красавица при мне...”, Халқаро конкурс ғолиби Ниғмат Синхабиби – М.Глинканинг “В крови горит огонь желанья...” каби опера қўшиқлари Пушкин ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинди. 

Айтиш жоизки, Пушкин асарлари Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари шоир ва ёзувчиларимиз томонидан ўзбек тилига таржима қилинган бўлиб, шоир ижодидаги мавзулар кўлами ниҳоятда кенг. Қолаверса, унинг ижодида Ватан, ҳақиқат, бахт ва қувонч, ёшлик, муҳаббат баланд пардаларда куйланган. Бугунги кунда умумтаълим муассасалари ва олий ўқув юртларида ҳам шоир асарлари мукаммал ўрганиб келинмоқда.  
Пушкин таваллудига бағишланган маданий-маърифий тадбирнинг давоми бугун 18:00 да шоир ҳайкали қад ростлаган хиёбонда, 7 июнда Республика байналмилал маданият марказида бўлиб ўтади.

Моҳичеҳра Эшмирзаева