АҚШ маъмурияти Ливияга нисбатан "фалокатли" сиёсат юргазган, деб айтди АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трамп. Бу ҳақда CBS хабар бермоқда.

"Ливия борасида қабул қилинган қарорлар фалокатли бўлди", деб айтди Трамп.

Трамп, жумладан, АҚШнинг Ливиядаги ҳаракатлари ИШИД жангариларининг Ливия нефти устидан назорат ўрнатишига олиб келганини таъкидлаб ўтди.

У, шунингдек, Ливияда катта кўламли операция ўтказиш ўрнига Ливия етакчиси Муаммар Каддафийни йўқ қилиш бўйича "нозик жарроҳлик аралашуви" зарурлиги фикрини билдирганини эслатди.

Трамп март ойида АҚШнинг Ливиядаги ҳаракатларига изоҳ бериб, унинг сайловолди пойгасидаги рақиби, АҚШнинг собиқ Давлат котиби Хиллари Клинтоннинг бунда ўйнаган ролига урғу бериб ўтганди.