Бундан бир неча йиллар аввал бир шаҳардан иккинчи шаҳарга  тезроқ бориш учун самолётлардан фойдаланиларди. Эндиликда шаҳарлар, хатто мамлакатларни ўзаро боғловчи тезюрар поездлар пайдо бўлди.

Хитой, Япония ва Европанинг қатор мамлакатларида 300 километр масофани атиги бир соатда босиб ўтувчи поездлар оддий транспорт турига айланиб бормоқда. Тезюрар поезд деб, темир йўлларда ўртача тезликдан кўпроқ ҳаракат қиладиган поездларга айтилади. Таҳлилчилар соатига 140 километр тезликда ҳаракатланувчи поездларни тезюрар деб, тезлиги 200 километрдан ошадиган поездларни юқори тезликдаги поездлар деб аташади.

Замонавий юқори тезликдаги поездлар соатига 350—400 километр тезликда ҳаракат қилади. Айни дамда тезлиги 560—580 километр тезликда ҳаракат қилувчи поездлар синови ўтказилмоқда.

Илк бор юқори тезликдаги поездлар қатнови 1964 йилда Японияда Синкансэн лойиҳаси бўйича йўлга қўйилганди. 1981 йилдан бошлаб эса Францияда хам юқори тезликдаги поездлар қатнай бошлади. Кейинчалик бу жараён Европа ғарбидаги деярли барча мамлакатларда кузатила бошланди.

XXI аср бошларида юқори тезликдаги поездлар йўлларининг узунлиги ва қатнови бўйича Хитой биринчиликка эришди.       Тезюрар поездларга мўлжалланган темир йўллар бўйича Хитой олдинги ўринни эгаллаб турибди. 2012 йилги ҳолатга кўра Хитой темир йўлларининг узунлиги 9 минг 300 километрни ташкил қилади. Шундан 1995 километрида поездлар соатига 350 километр тезликда ҳаракат қилади. Айни дамда бу мамлакатда юқори тезликда ҳаракат қиладиган поездларга эътибор кучаймоқда. Хитойда юқори тезликда ҳаракат қилувчи поездлар учун темир йўллар қуриш асосан Давлат банклари ва давлатга тегишли молия институтлари томонидан молиялаштирилади.

Россияда юқори тезликдаги “Сапсан” поездлари оддий йўлларда 2009 йил сўнгида қатнай бошлади. Москва-Санк Петербург ўртасида юқори тезликдаги поездлар учун махсус темир йўлларнинг қурилиш лойиҳаси 2017 йилга бориб якунланади. 2018 йилда эса Москва ва Санкт-Петербург ўртасида тезлиги соатига 400 километрни ташкил қиладиган поездлар қатнови йўлга қўйилади. Шу тариқа йўловчилар ўз манзилларига 2,5 соат давомида етиб борадилар.

Ҳозирча юқори тезликдаги поездлар фақат йўловчиларга хизмат қилмоқда. Бироқ Франциянинг La Poste хизмати махсус TGV электрпоездларига эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирча тезюрар поездлар реактив самолётларнинг тезлигига ета олмади. Тан олиш керак, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга етиб боришда самолётлар поездларга қараганда анча қулайдир. Бироқ аэропортларнинг вокзалларга нисбатан шаҳардан узоқдалигини эсдан чиқариш керак эмас. Бу эса йўловчиларнинг шаҳардан аэропортга ёки аэропортдан шаҳарга боришларида анча вақт ва харажатларни талаб қилади. Кўплаб шаҳарларда аэропортга бориш салкам бир соатни ташкил қилиши сир эмас. Вокзаллар эса шаҳар марказида жойлашган. Чипталарни эса поезд қўзғалишидан 15 дақиқа аввал харид қилиш мумкин. Бу эса поездларнинг самолётлардан афзаллигини исботлайди. Поездлардан фойдаланиш, ўз навбатида, ички йўналишда парвоз қилувчи самолётлар сонини камайтириши, бу самолётлардан халқаро йўналишларда фойдаланиш, нисбатан қиммат бўлган авиация ёқилғисини иқтисод қилиш имконини беради.

“Евростар” (Eurostar) – Лондон ва Кент графлигини Франциянинг Париж, Лилль ва Бельгия пойтахти Брюссель билан боғловчи темир йўл тармоғидир. “Евростар” поездлари Ла-Манш бўғози тагидан ўтиб кўҳна қитьани ўзаро боғлайди. “Евростар” поездларининг иккита тури мавжуд.: Eurostar Three Capitals (инглизча “Уч пойтахт” демакдир) 2та бош ва 18та йўловчи вагонларидан иборат; Eurostar North of London (инглизча "Лондон шимоли")да эса 14 йўловчи  вагони бор.

Париж–Брюссель–Кёльн–Амстердам йўналишида қатновчи поездларнинг тезлиги соатига 300 километрни ташкил қилиб, йўловчилар Париждан Брюсселга 80 дақиқада етиб олишлари  мумкин. Тез юрар поездлар ўз йўловчиларини Лондондан Парижга 3 соатда етказиб қўяди. Япониянинг E5 Shinkansen экспресси соатига 330 километр тезликда Токиодан Син-Аоморига уч соатда етиб боради. Испанда эса AVE поездлари соатига 330 километр тезликда харакат қилар экан, Мадриддан Барселонагача бўлган масофани икки соату 38 дақиқада босиб ўтади. Пекин–Тяньцзинь йўналишидаги поездларнинг тезлиги соатига 360 километр бўлиб, йўловчилар ўз манзилларига 30 дақиқада етиб олишади.
  Франциялик иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тезюрар поездларнинг ишга туширилишига сарфланган бир цент 4 цент фойда  бўлиб қайтган. Тахлилчиларнинг сўзларига қараганда, тезюрар поездлардан фойдаланиш ўша давлатнинг иқтисодий қудратини намойиш этади. Чунки тезюрар поездларни эксплуатация қилиш янги иш ўринлари яратилишига, инфратузилма ва  замонавий технологияларининг ривожига   сабаб бўлади. Яқинда Россия телеканалларидан бирида тезюрар поездларга бағишланган махсус кўрсатув бўлди. Унда бу каби поездлар қатнови атиги 17та давлатда йўлга қўйилгани таъкидланади. Бу давлатлар орасида “Насаф”, “Шарқ” ва “Афросиёб” тезюрар поездлари қатновини йўлга қўйган Ўзбекистоннинг ҳам борлиги кўнгилимизни тоғдек кўтарди. Бу ҳам бўлса бизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаганимизни ва кам бўлмаслигимизни ёрқин исботидир.

Шарофиддин Тўлаганов