Россия терма жамоаси футболчилари 2016 йилги Европа чемпионатига тайёргарчилик кўриш доирасида Сербия жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказдилар. Монакодаги  "Луи II" стадионида ўтган учрашув 1:1 ҳисоби билан якунланди.

Ҳисоб ўйин якунланишига ҳисобли дақиқалар қолганда, яъни 85-дақиқада Россия термаси ҳужумчиси Артём Дзюба томонидан очилди. Бу гол Дзюбанинг терма жамоадаги 9-голи бўлди. 88-дақиқада эса серблар ҳужумчиси Александр Митрович ҳисобни тенглаштирди.

Учрашувнинг 50-дақиқасида Игорь Денисов жароҳат олиб, Денис Глушаков билан алмаштирилди. Денисов Россия термасининг Европа чемпионатида иштирок этувчи футболчилари аризасига киритилган. Қоидага кўра, жамоа биринчи ўйинигача аризага киритилган жароҳатланган футболчини бошқа ўйинчига алмаштириши мумкин. 

Яна бир ўртоқлик учрашувида Бельгия ва Норвегия учрашди. Брюсселдаги  "Руа Бодуэн" стадионида ўтган учрашув 3:2 ҳисобида бельгияликлар фойдасига якунланди.

Мезбонлар сафида голларни Ромелу Лукаку (3-дақ.), Эден Азар (70-дақ.) ва Лоран Симан (73-дақ.), норвегияликлар сафида эса Жошуа Кинг (21-дақ.) ва Ветон Бериша (48-дақ.) киритдилар.