Ўзбекистонлик ёш спортчилар Филиппин пойтахти Манила шаҳрида эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида муносиб иштирок этди. Бу ҳақида “ЎзА” хабар бермоқда.

Мусобақанинг юнон-рум кураши бўйича вазни 50 килограммгача  полвонлар беллашувида II ўсмирлар олимпиадаси ғолиби Илҳом Баҳромов барча рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

55 килограммгача бўлган курашчилар ўртасида Жавоҳир Мираҳмедов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 66 килограммгача вазн тоифасида Мирзобек Раҳматов ва 84 килограммгача вазн тоифасида Жалғасбай Бердимуродов учинчи ўринни эгаллади.

Хотин-қизлар кураши бўйича ўтказилган баҳсларда Нодира Собирова, Набира Есенбаева ва Бахтигул Болтаниёзова ўз вазн тоифасида бронза медаль билан тақдирланди. 

Эркин кураш бўйича 55 килограммгача вазн тоифасида Ғуломжон Абдуллаев ва 60 килограммгача вазн тоифасида Темур Усмонохунов олтин медалга сазовор бўлди. Ўз вазн тоифасида Мажид Муродов ва Ҳасанбой Раҳимов кумуш, Шоҳрух Сапаев бронза медални қўлга киритди.

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.