Бухоро вилоятининг Вобкент туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, касб- ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишини янада кенгайтириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.  

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши, Вобкент тумани хотин-қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда партия аъзолари, тижорат банклари вакиллари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ш.Набиеванинг айтишига қараганда, жорий йилда вилоятда ёшлар учун 32 минг 458 иш ўрни яратилиб, уларнинг 27 мингдан ортиғи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига мўлжалланган.  

Шу тариқа, бандлик дастури ижроси доимий эътиборда бўлиб, бу борада хотин-қизлар қўмиталари, тижорат банклари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг биргаликдаги ҳамкорлиги қўл келмоқда. 

Янги иш ўринлари яратиш, битирувчиларни иш билан таъминлашда уларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис тижорат банклари томонидан вилоятда жорий йилда уларга 20 миллиард сўмликдан зиёд кредитлар ажратилиши кўзда тутилган.

Семинарда ёшларга тикувчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини амалга ошириши учун бизнес-режа тайёрлаш ва кредит олиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. 

Тадбир доирасида туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан меҳнат ярмаркаси ташкил этилган.