АҚШ энергетика вазирлиги март ойи охирида Япония томонидан юборилган плутоний ва юқори бойитилган урандан иборат 331 кглик радиоактив моддалар партиясини қабул қилди, деб хабар қилмоқда АҚШ энергетика вазирлиги қошидаги Ядро хавфсизлиги бўйича миллий бошқарма матбуот хизмати. 

Ушбу моддалар АҚШ энергетика вазирлигининг Саванна Ривер (Жанубий Каролина штати) шаҳридаги иншоотига муваффақиятли етиб келди", - дейилади хабарда.

Япониянинг юқори бойитилган урани АҚШ энергетика вазирлигининг Оук- Риж (Теннесси штати)даги Y-12 ядро мажмуасида паст бойитилган ҳолатига келтирилади. 

Британиянинг Pacific Egret кемаси плутоний ва юқори бойитилган уранни олиб, 22 март куни Токаимура портидан сафарга чиққан эди. Greenpeace ташкилотига кўра, сўнгги 25 йил ичида биринчи марта шу миқдордаги кўп радиоактив модда ташилмоқда. 

Плутоний ва бойитилган уранни Япониядан АҚШга келтириш келишувига 2014 йилги Ядро хавфсизлиги саммитида эришилган эди. 

Умуман, расмий Токио мамлакатдаги АЭСларда чиққан радиоактив чиқиндиларни Британия ва Франция корхоналарида қайта ишлаши натижасида ҳарбий мақсадларга яроқли плутоний олади. Япония ҳукумати уларни энергетик ядровий реакторларда қайта қўллаш учун уран билан аралаштиришни режалаштирган. Бундай аралашмали МОКС-ёқилғи, "Такахама" АЭСида илк марта қўлланилган эди. 

2014 йил якунига кўра, Япония ўз ҳудудида 11 тонна плутонийни сақлайди, яна 36 тоннага яқини Франция ва Буюк Британияда сақланади. Экспертларнинг фикрича, мазкур моддалардан 6 минг дона ядровий жанговар зарядлар ишлаб чиқариш мумкин.