4 - июнь куни Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 5 - қаватидаги катта залда ТВХТХҚТ ва малакасини ошириш институти жамоаси ташаббуси билан “Тил, нутқ – тафаккур ва миллий ғоямиз қуроли” номли маърифий тадбир ўтказилди

Тадбирда тақдим этилган “Ўзбекистон” НМИУ томонидан нашр этилган “Дил – қулф, тил – калит” ҳамда “Тошкентдан гапирамиз” номли китоблар институтнинг 200 га яқин тингловчи педагоглари, Ўзбекистон халқ артисти, ва марҳум санъаткори Қодир Мақсумовнинг касбдошлари, шогирдлари, фарзандлари, набиралари, телерадиокомпаниянинг собиқ сухандонлари ва бошқа нуфузли меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. 

Тадбирни истеъдодли ёш радиобошловчилардан бири Сирожиддин бошқариб, даставвал, микрофон қаршисига “Ўзбекистон” НИМУ директорининг биринчи ўринбосари Ашурали Жўраевни таклиф этилди. Ашурали Жўраев “Китоб – тафаккур қаноти” мавзуида маъруза қилиб, чоп этилган китобларнинг аҳамияти борасида нутқ сўзлади.

Сўнг ҳар иккала китоб муаллифи Раҳимбой Жуманиёзовга сўз берилди. Раҳимбой Жуманиёзов китобнинг яралиши билан боғлиқ тафсилотларни келтириб ўтди. Қодир Мақсумовнинг радиодаги шогирдларидан Туҳфахон Ахмедова ҳамда Дилсора Бобохонова устозлари билан боғлиқ хотираларни ўртоқлашишди.

Тадбир ниҳоясида Мадинахон Тўйчиева томонидан тақдим этилган хоразмча яллалар ижро этилди.