Дубайнинг энг таниқли лойиҳалаштириш компанияси Emaar Properties келаси ҳафта Dubai Creek Harbour (Дубай кўрфази бандаргоҳи) осмонўпар минорасининг қурилиш ишларини бошлайди. Бу ҳақида компания раиси Муҳаммад Алаббар CNN’га берган интервюсида хабар қилди.

Dubai Creek Harbour — Дубай-Крик соҳилида 6 квадрат километр майдонни қамраб олувчи баланд биноли мажмуа. Дубайдаги янги минора 828 метрли «Бурж Халифа»дан 100 метр баландроқ бўлади ва дунёнинг энг баланд осмонўпар минорасига айланади.

Янги минора лойиҳаси 2016 йилнинг 10 апрель санасида тантанали равишда эълон қилинган. Янги мажмуа вақтинча Дубай кўрфази бандаргоҳи (Dubai Creek Harbour) деган номни олган.

«Минорада бутик-меҳмонхона, бир  неча қаватли боғлар, гўзал яшил сув оқувчи майдонлар, дельфинария,  ресторанлар, кузатиш нуқталари (обсерватория) ва функциялаштирилган заллар мавжуд бўлади. Минора жуда баланд қурилгани ва кабеллар ҳажми катта бўлгани учун мажмуа майдони ҳам улкан бўлади. Ерга ўрнатилган кабеллар минорани ушлаб туради. Кабеллар худди ярқироқ заргарлик буюмларига ўхшайди»,  - дейди Алаббар.

Қурилиш ишлари учун кетадиган харажатларнинг бошланғич нархи 1 миллиард долларга баҳоланган.  Сантьяго Калатвара Валс —  Дубай Крик Харбор минорасининг архитектори. Асли испан, фуқаролигига кўра швейцариялик архитектор Европа ва Америкадаги оламшумул футуристик қурилиш лойиҳалари билан танилган.

Дунёдаги энг баланд осмонўпар минора 2020 йилнинг 20 октябрда иш бошловчи Dubai Expo'нинг очилиш маросимигача қуриб битказилиши режалаштирилган.