Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Х.Шоимов СВОЖЖДЛҚК департаментининг вилоят бошқармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда туманнинг “Ғур-ғур” маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ. Деҳқонов жияни М.Ўрозовнинг биометрик паспортига думалоқ муҳр бостириб бериш учун Жарқўрғон туман ИИБ ходими Олмос Середжев билан келишиб, унга бериш учун 150 минг сўм пул талаб қилаётганлигини, шунинг учун унга нисбатан қонуний чора кўришини сўради. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда. 

Мазкур аризага асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўтказилган тезкор тадбирда Ғ.Деҳқонов Жарқўрғон туманидаги “Шодлик” ошхонасида 150 минг сўм пулларни Х.Шоимов  ҳамда М.Ўрозовлардан олган вақтда ушланди.
Фуқаро Ғ.Деҳқонов ушбу пулнинг 100 минг сўмини Жарқўрғон туман ИИБ ходими О.Середжевга олиб бориб бериши лозимлигини, қолгани ўзининг хизмат ҳақи эканлиги, қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, ушбу пулларни унга олиб бориб бериб, жиноятни очишга фаол иштирок этишини билдирди. Унинг аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Жарқўрғон тумани ИИБ биноси олдида О.Середжев тамагирлик йўли билан Ғ.Деҳқоновдан 100 минг сўм пул ҳамда М.Ўрозовнинг фуқаролик паспортини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексиннинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан судланувчиларга жазо муқаррарлиги таъминланди.