Туркия ҳукумати Истамбулдаги қўпорувчиликлар бўйича кенг қамровли суриштирув ишларини олиб бормоқда ҳамда тез орада калаванинг учини топади, дея баёнот берган Республика президенти Тайип Эрдўған Истамбулдаги портлашда жароҳатланганларни бориб кўрар экан. 

"Бундай жиноятларни содир этганларнинг узри, ўзларини оқлаши қабул қилинмайди. Биз терроризмни илдизи билан йўқ қилмагунча, унга қарши курашни давом эттирамиз", - деган Туркия президенти.

Унинг сўзларига кўра, Истамбулнинг "Хасеки" шифохонаси "жонлантириш бўлимида икки ярадорга ёрдам кўрсатилмоқда, яна бири жарроҳлик амалиётида".

"7 нафар полиция ходими ва 4 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Бош прокуратура фожеа жойида фаолият кўрсатмоқда, қисқа вақт мобайнида жиноят ижрочиларини аниқлаш имконини берадиган далиллар топилади", -деган Эрдўған. 

Сўнгги маълумотларга кўра, махсус бўлинма хизмат автобуси ёнида портловчи мослама ишга туширилган. Унинг оқибатида, 36 киши жароҳатланган, 11 киши қурбон бўлган.