Россияда ўтказиладиган 2018 йилги жаҳон чемпионати ўйинлари учун энг қиммат чипталар сотуви бошланди. Бу ҳақда ФИФА расмий сайтига асосланиб Р-Спорт нашри хабар тарқатди.

Москва ва Санкт-Петербургда ўтказиладиган 19та ўйинни энг яхши жойларда туриб кузатиш учун чиқарилган чипталар пакети ("Большая тройка" номли VIP-чипталар пакети - очилиш ўйини, ярим финал ва финал ўйинларини ҳам ўз ичига олган) сотилмоқда. Бундай чипталарнинг энг қимматбаҳоси нархи - 2,8 млн долларни ташкил этади. Шунингдек, 1,4 млн, 1,8 млн, 1,9 млн ва 2,1 млн долларлик чипталар пакетлари сотувга чиқарилган.

Ҳозирда 2,1 млн долларлик чипталар пакети ўз эгасини топиб бўлган.

Энг арзон  VIP-чипта нархи 850 долларни ташкил этади. Бундай чипталар битта учрашув учун мўлжалланган ва меҳмонхона хизмати, таомлар, ичимликлар, эсдалик совғалари, автотураргоҳдан жой каби имтиёзларни тақдим этади.

Май ойида "Россия 2018" ташкилий қўмитаси бош директори Алексей Сорокин журналистларга FIFA билан чемпионат ўйинлари чипталарини россияликларга чегирмалар билан сотиш ҳақида келишувга эришилганини маълум қилганди.

Россиядаги жаҳон чемпионати 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлигача давом этади. Ўйинлар Москва, Калининград, Санкт-Петербург, Волгоград, Қозон, Нижний Новгород, Самара, Саранск, Ростов-Дон, Сочи ва Екатеринбург каби шаҳарлардаги ўйингоҳларда ўтказилади.