Финляндияда қўнғир айиқ ҳарбий қисмнинг 3 минг аскарини қўрқитиб юборди. Айиқ машғулотлар ўтаётган пайтда ҳарбий қисмга кириб борган. Кўринишича, аскарлар бўтқаси айиқнинг эътиборини ўзига тортган.

Айиқ барча аскарларни қўрқитиб юбориб, бўтқали қозондан тановул қилган. Айиқ "тановул қилиб бўлгач", аскарлар томонидан шошилинчда қолдириб кетилган шахсий буюмларни нимталаб ташлаган. Ҳарбийларнинг ўзлари эса бу вақтда юк машинасида яшириниб ўтиришган.

"Одатда айиқ одамлардан қочади, бироқ бу айиқ умуман ҳеч нарсадан қўрқмасди", деб айтди ҳарбий қисм матбуот котиби Сату Хуянен. Унинг айтишича, ҳеч ким жабрланмаган.

Ҳарбий қисм раҳбарияти айиқ шахсий таркибга хавф солиши мумкинлигига қарор қилиб, бундай вазиятда ўрнатилган қоидага кўра, айиқни ўлдиришга рухсат олиш учун полицияга мурожаат қилган. Полициядагилар одамларга ҳақиқатда хавф солинаётганини англаб, бунга розилик беришган. Ҳарбий қисмда хизмат қилаётган тажрибали овчи айиқни отиб ташлаган, деб хабар бермоқда "Илталехти".