6 июнь куни Тошкент шаҳрида Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида “Инглиз тили билимдонлари” интеллектуал мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.

Интеллектуал мусобақанинг 1- ва 2-босқичларида (туман, вилоят) юқори натижаларга эришган 5-9-синф ўқувчиларидан иборат 5 ўқувчидан таркиб топган жамоа Республика босқичида иштирок этишган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Мазкур мусобақани ўтказишдан асосий мақсад умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида инглиз тили муҳитини яратиш, ўқувчиларнинг истеъдодларини намоён қилишлари, интеллектуал салоҳиятларини оширишлари, ижодий қобилиятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашиш, уларни инглиз тилида фикрлашга, мулоқотга киришишга, зукколикка ва топқирликка ўргатиш ҳамда ёшларнинг инглиз тилини ўрганишга бўлган интилишларини муносиб тақдирлашдан иборатдир.

Мусобақанинг барча босқичлари 3та шартни ўзи ичига олиб, бунда ўқувчиларнинг ўқиш, ёзиш, тинглаб тушуниш ва гапириш компетенциялари ҳамда улар томонидан инглиз тилида тайёрланган саҳна кўриниши баҳоланган. 

Танлов натижаларига кўра Тошкент шаҳри жамоаси 1-ўрин, Бухоро ва Андижон вилоятлари жамоаси 2-ўринни қўлга киритган бўлса, 3-ўринга Хоразм вилояти жамоаси лойиқ деб топилган.

Ғолибларга вазирликнинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалар топширилган.