Россиянинг янги яқин-ўрта магистрал йўловчи самолёти МС-21’ни яратаётган "Иркут" корпорацияси 2023 йилга келиб бу самолётлан йилига 70 та чиқаришга ваъда бермоқда. Бу ҳақда компания вакили Сергей Яманов маълум қилди, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги. 

Ямановнинг айтишича, 2018 йилда илк 4 та самолёт йиғилиши керак, шундан кейин ишлаб чиқариш суръатлари секин-аста ошириб борилади. 2020 йилда 20 та, 2023 йилда эса 70 та самолёт ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда Иркутскдаги корхонада статистик ва парвоз синовлари учун МС-21’нинг 4 самолётдан иборат тажрибавий партияси йиғилмоқда. Ямановнинг қўшимча қилишича, лойиҳа савдодан кейинги хизмат кўрсатишни ҳам кўзда тутади, бироқ ҳозир сервис компаниясини четдан жалб қилиш ёки янгисини ташкил этиш бўйича бир қарор йўқ.

"Иркут" маълумотларига кўра, айни вақтда лизинг компаниялари ва авиаташувчилар билан бирга МС-21’дан 175 та етказиб бериш бўйича қатъий, аввалдан пули тўланган шартномалар тузилган. Бу самолётларга асосий буюртмачилардан бири "Аэрофлот" ҳисобланади.  

МС-21 самолёти Ту-154 туридаги эскириб қолган самолётлар ўрнига яратилмоқда. Самолёт Boeing-737 MAX ва Airbus A320neo самолётлари билан рақобатчилик қилиши мумкин. Лайнер турли модификацияларда 5 мингдан кўпроқ километрга 150 дан 210 гача йўловчиларни ташиши мумкин. Самолёт жорий йил охиригача парвоз синовларидан ўтиши керак. Самолёт сертификатлаштирилиши ва оммавий равишда ишлаб чиқарилиши 2017 йилда бошланиши кутилмоқда.