Испания судлари Фуқаролик кодекси қоидаларига нисбатан ота-оналарнинг норозилигини қўллаб-қувватлашмоқда. Унга кўра, ота-оналар вояга етган, аммо ишсиз фарзандларини молиявий қарамоғига олишлари талаб этилади, деб ёзади The Independent.

Қайд этилишича, Испанияда, 30 ёшгача бўлган фуқароларнинг 80 фоизи ота-оналари билан бирга истиқомат қилади. Улар ишламайди, таҳсил олмайди ҳамда ишсизлик нафақасини ҳам олишмайди. Ишсизлик нафақасини олиш учун камида олти ойлик меҳнат стажига эга бўлиши керак. Шу боисдан ҳам ёшларни боқиш ташвиши ота-онаси зиммасига юклатилган. 

«Иқтисодий инқироз, текинхўр болалар сони кўпайишига сабаб бўлмоқда. Улар, ота-оналари ҳисобига яшашдан ҳеч ҳам ор қилишмайди», — деган Оилавий адвокатлар ассоциацияси президенти Мария Долорес Лозано The Times нашрига берган интервьюсида.

Испания қироллиги ишсиз ёшлар сони бўйича Европада Грециядан кейнги иккинчи ўринда туради. Шу билан бирга, мамлакатда истиқомат қиладиган ҳар тўртинчи испаниялик ишсиздир.