ХХР йил охиригача жанубий Хитой денгизидаги можароли ороллар: Наньша (Спратли)да яна 2та маёқ қуради. The Global Times газетасининг хабарига кўра, маёқлар Мэйцзи (Мисчиф) ва Юншу (Фэйри кросс) оролида барпо этилади.

Нашрнинг қайд этишича, Мэйцзи оролига қуриладиган иншоотнинг баландлиги 60 метрни ташкил этади. Унинг ёруғлиқ сигнали 20 денгиз мили (тахминан 37 км)дан кўринади. 

"Улар навигация, хусусан яқин орадаги кемалар ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади", -дейилади хабарда.

Бундан ташқари, The Global Times нашрининг ёзишича, шу ойда Юншу оролида замонавий шифохона фойдаланишга топширилади. 

Хитой апрель ойида баҳсли архипелагнинг бошқа бир ороли - Чжуби (Суби) рифида маёқни қуриб битказган эди. ХХР транспорт вазирлигининг маълумотига кўра, унда кемаларни автоматик аниқлаш тизими ҳамда ўта қисқа тўлқинли радиоалоқа учун база станциялари ўрнатилган.