Саудия Арабистони подшоҳлиги 2020 йилга келиб, нефть соҳасидан ташқари фаолиятидан тушадиган даромадни 3 баробар кўпайтириб, уни 141 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда. 6 июнь куни Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган Миллий ислоҳотлар дастурида шу каби рақамлар келтирилган. Мазкур режа, "Подшоҳлик нигоҳи-2030" деб номланувчи мамлакатни ривожлантириш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади

Ҳужжатга кўра, давлатнинг нефтдан ташқари даромадлари 2020 йилда 530 млрд риёл (141 млрд)ни ташкил этиши керак. Айни вақтда бу рақам, 163,5 млрд риёл (43,6 млрд доллар)дир. Кўзланган натижага, газланган ичимликлар ва тамаки маҳсулотларига акциз солиғи ва қўшимча қиймат солиғини жорий этиш билан қисман эришиш мумкин. 

Шу билан бирга, нефть қазиб олиш даражаси ҳозирги кўрсаткич - кунига 12,5 млн баррелда сақлаб қолинади. Бироқ, табиий газ қазиб олиш рақами 339,8 млн куб метрдан 504 млнгача оширилади. Бунда, мамлакат ҳукумати нефтни қайта ишлаш ҳажмини кунига 2,9 млн баррелдан 3,3 млн баррелга чиқаришни режалаштирган. 

Умуман, Дастур 543 лойиҳа ва ташаббусни ўз ичига олади. Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун 270 млрд риёл (72 млрд доллар) маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, Муҳаммад аш-Шайхнинг матбуот анжуманида билдиришича, яна 300 млрд риёл (80 млрд доллар) хусусий компаниялар томонидан киритилади. Бунинг натижасида, хусусий секторда 450 мингдан ортиқ иш жойи яратилади.