Рамазон ойи кўплаб ижодкорларга янги мавзу ва кўтаринки кайфият бағишламоқда. Шоиру ёзувчиларимиз муборак ой муносабати билан эзгуликни тарғиб қилувчи шеърлар, ҳикоялар ёзаётган бўлса, моҳир мусаввирларимиз турли рангдаги бўёқларда меҳр-оқибат, ҳалоллик, поклик ҳақидаги туйғуларини ифодалаяпти, фотографларимиз рўза одоблари билан боғлиқ лаҳзаларни кадрларга муҳрламоқда.

Шу қаторда, истеъдодли хонанда Шоҳ Жаҳон Жўраев ҳам Рамазон ойидан илҳомланиб, янги қўшиқ яратди. Буюк аждодимиз, тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, шоир Хожа Аҳмад Яссавий (Ясси яқинидаги Сайрам шаҳри, тахминан 11-асрнинг 2-ярми туғилган ва 1166 йилда вафот этган) қаламига мансуб «Муҳаммад (с.а.в)» ғазалини куйга солиб, ижро этди.

— Юртимизда тўрт фасл ўз ўрнида келади, — дейди Шоҳ Жаҳон Жўраев. — Ўйлаб кўрсангиз, одамларнинг жазирама иссиқда ҳам, қаҳратон совуқда ҳам маънавий ва моддий истакларини чегаралаб, нафсини тийиб, рўза тутиши шунчаки ибодат эмас. Балки ҳар қандай шароитда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаши, ўзаро меҳр-мурувватли бўлиши, ҳурмат-иззат кўрсатиши, пировардида, она юртимиз, мустақил Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ривожланиб, чирой очиши учун якдил бўлиб меҳнат қилиш, куч-қудратимизни, салоҳиятимизни сафарбар этиш, бунга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай иллату балолардан, ёмонликлардан тийилишдек қон-қонимизга сингган қадриятлар тушунилади. Демак, бунинг замирида янада улкан, янада улуғвор ибодат — ватанни севмоқ ибодати бор экан. Қўшиқда биз улуғ бобомиз Ҳазрат Яссавийнинг «Ҳикмат» китобига мурожaат қилиб, ана шу муштарак мақсадга хизмат қиладиган, қалбларда одамгарчилик, иймон-эътиқод туйғуларини уйғотувчи дилбар ғазалини куйга солиб, мухлислар эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.

Ривоятларга кўра, Яссавий 63га (пайғамбаримиз (с.а.в) ёшига) етгач, ер остида ҳужра ясатиб, «чилла»га кирган, қолган умрини тоат-ибодат қилиб, қимматли ҳикматлар ёзиб, риёзатлар чекиб, ер остида ўтказган. Бир ривоятга кўра, у 125 йил, бошқа ривоятга қараганда, 133 йил умр кўрган.