Актёр Уилл Смит ва ўта оғир вазнда собиқ жаҳон чемпиони Леннокс Льюис афсонавий боксчи Муҳаммад Алининг дафн маросимида унинг тобутини кўтариб борувчилардан бўлишади, деб хабар қилади Франс-пресс агентлиги. 

Америкалик актёр Уилл Смит Майкл Маннинг 2001 йилда суратга олган "Али" фильмида жаҳон бокс юлдузи ролини ижро этган. Ушбу фильмдан сўнг Смит Муҳаммад Али билан қалин дўстона алоқалар ўрнатган. Британиялик ва канадалик спортчи Льюис эса сўнгги 25 йилдаги энг номдор боксчилардан бири ҳисобланади. 

Умуман, Али билан видолашув маросимида унинг тобутини, боксчининг яқинлари ва қариндошларидан иборат 8 киши кўтариб боради. Алининг тобути 5 июнь куни она шаҳри Луисвилл (Кентукки штати)га келтирилган эди. 10 июнь куни дафн маросими бўлиб ўтади. 

Муҳаммад Али 3 июнь, жума куни 74-ёшида Финикс (Аризона штати) шифохоналаридан бирида ҳаётдан кўз юмди. У нафас олиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келгач, шифохонага ётқизилган эди.