Минглаб спорт мухлислари Кентукки штатидаги Ройсвилл шаҳрида жойлашган Муҳаммад Али номи билан аталувчи маданият маркази ва музейига келиб, уни ёдга олмоқда.

Хабар қилинганидек, шу йилнинг 3 июнь, жума куни Муҳаммад Али - Кассиус Клей 32 йилдан ортиқ давом этган Паркинсон касаллигидан сўнг 75 ёшида вафот этди. Бундан бир неча кун аввал саломатлиги ёмонлашган Алини Аризона штатидаги Финикс шаҳридаги госпиталга ётқизишган эди. Муҳаммад Али профессионал рингда 61 та жанг ўтказиб, унинг 56 тасида ғалаба қозонган, 37 тасини нокаут билан. Бор-йўғи 5 учрашувда мағлубиятга учраган. У 1960 йилда Римда ўтказилган олимпия ўйинларида чемпионлик унвонини қўлга киритган. 1999 йилда эса Али “Аср спортчиси” дея эътироф этилди. Бутунжаҳон бокс уюшмаси Муҳаммад Алининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бир нечта ёдгорлик мажмуаларини ўрнатишга қарор қилди. Муҳаммад Алини дафн этиш маросими 10 июнь жума куни Луисвилл шаҳрида бўлиб ўтади. Ана шу мотам маросими интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри намойиш этилади. Дафн маросимида АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг маъруза қилиши кутилмоқда. 

Одатда “Тайм” журнали машҳур одамларнинг суратини чоп этган ҳолда нашрнинг махсус сонини чиқаради. Афсонавий боксчининг сурати тўрт маротаба ана шу журналнинг муқовасида чоп этилган. Дастлабки сурат 1963 йилда Кассиус Клей номи билан мусобақаларда қатнашиб юрган пайтда чиққан эди. Умуман олганда бу журналда ўнлаб машҳур шахслар Уинстон Черчилл, Мерилин Монро, Марлон Брандо, Сальвадор Дали кабиларнинг расмлари чиққанини кўпчилик яхши билади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров пойтахт Грозний кўчаларидан бирига унинг номи қўйилишини ва Муҳаммад Али номидаги бокс зали қурилишини маълум қилган.

Муҳаммад Али нафақат рингда жанг қила олган, балки машҳур Мартин Лютер Кинг, Нельсон Мандела каби машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва президенти каби инсон ҳуқуқлари учун толмас курашчи сифатида ҳам эътироф этилади. АҚШ президенти Барак Обама ҳам Муҳаммад Алининг вафоти муносабати билан унинг яқинларига чуқур таъзия билдиради. 

Муҳаммад Али 1942 йилнинг 17 январида Луис Вилл шаҳрида туғилган. Дабл-Би-Эй йўналиши бўйича оғир вазнли боксчилар ўртасида уч бор жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган. 1964 йили енгилмас дея тан олинган Сонн Листонни нокаутга учратди. Орадан 3 йил ўтгач, Вьетнам урушида иштирок этишдан ва қуролли кучлар сафига боришдан бош тортганлиги учун 3 ярим йил муддатга мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Чекловлар бекор қилингандан сўнг Муҳаммад Али ўзининг асосий рақиби Жо Фрейзер билан 3 марта жанг ўтказиб, дастлабкисида ютқазади, қолганларини ўз фойдасига ҳал қилади. Ҳар 3 учрашувнинг биттасида боксчига 2 ярим миллион доллардан мукофот пули берилган. Алининг ўша пайтда таъкидлашича, ўз спорт фаолиятида 57 миллион доллар маблағ ишлаб топган.

Муҳаммад Алининг нафақат Америкада, балки бутун дунёда миллионлаб мухлислари бор эди. Юзлари тош қотишига, қўллари қалтирашига қарамасдан, у 1996 йили Атлантада ёзги олимпия ўйинлари машъаласини ёқади. 1998-2008 йилларда ЮНИСЕФнинг холис ният вакили ҳам бўлган. 2005 йили Президент Жорж Буш Муҳаммад Алини “Озодлик президенти” медали билан тақдирлайди. Оғир вазнли боксчилар ўртасида собиқ жаҳон чемпиони Николай Валуев ҳам Алининг маҳоратига тан берган чарм қўлқоп усталаридан бири саналади. Филиппинлик Мэнни Пакьяо, америкалик кичик Флойд Мейуэзер ҳам Алини ўз даврининг машҳур спортчиси дея эътироф этади. 1974 йили машҳур боксчилардан бири Жорж Форман Алидан Нокаутга учраган бўлиб, унинг ўлимидан воқиф бўлган бу спортчи ўзининг твиттерида “мен ундан яхшилаб таъзиримни еганимни кечагидай яхши эслайман. Инсоният буюк инсондан жудо бўлди”, дея қайғуга чўмади Форман.

Ҳозирги кекса авлод, қолаверса, унинг жангларини видеотасвирлар орқали томоша қилган бокс мухлислари Муҳаммад Али ўзининг рингдаги иштирокини ҳақиқий концерт ва санъатга айлантирганини яхши билади. Муҳаммад Али 1978 йилнинг 12 июнида Москвага ташриф буюради. Шу куни кечқурун Юрий Никулин ҳамроҳлигида циркка келади. Қизил майдонда югуриш билан шуғулланади. Собиқ Иттифоқ раҳбари Л.И. Брежнев қабулида бўлади. Москва сафаридан сўнг у Тошкент ва Самарқандга ҳам сафар уюштиради. Тошкентда уни кўплаб машҳур шахслар, шу жумладан, 1974 йилги ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев ҳам кутиб олади. Унга сизни ҳамкасбингиз, яъни жаҳон чемпиони дея Рисқиевни таништиришганда, Муҳаммад Али “Мен фақат профессионаллар ўртасидаги жаҳон чемпионларини яхши биламан”, дея айтган экан. У рафиқаси Вероника билан қадимий Самарқанд шаҳрини зиёрат қилади. Ўтган асрнинг 70-йилларида пойтахтимизга ташриф буюрган Муҳаммад Али ва унинг яқинларини “Тошкент” меҳмонхонасига жойлаштиришади. Ҳурматли меҳмон, юртимизда етиштирилган мазали меваларни, айниқса, гилосни татиб кўриб, бундай маҳсулотни дунёни ҳеч бир ҳудудида истеъмол қилмаганлигини тан олади. Айниқса, боксчига ўзбек палови жуда маъқул бўлади. Айтишларича, Муҳаммад Али Ўзбекистондан 4 килога семириб юртига қайтган экан.

Муҳаммад Али ҳаёти билан боғлиқ бир неча қизиқ маълумотларни тақдим этсак. У тўрт марта уйланган бўлиб, унинг Сонжи Рой, Белиндай Бойт, Вероника Порше ва Йоланта Али исмли рафиқалари бўлган. Алининг 9 та фарзанди бўлиб, 2 таси ўғил ва 7 таси қиздир. Боксчининг бўйи 1 метр-у 91 сантиметр, оғирлиги 97 килограммни ташкил этган. Али ўзи ўйнаган фильмдаги роли учун Оскар мукофотини олган. Боксчи ўз спорт тарихида 3 маротаба нокдаун ҳолатига тушган бўлса-да, нокаутни бошдан кечирмаган. Унинг қизи Лайло Али профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган. Али Ҳолливуддаги шуҳрат аллеясига киритилган ягона боксчидир. Жанубий Африка республикасининг собиқ президенти Нельсон Мандела қамоқда туриб Алининг жангини радио репортажи орқали тинглаган экан. Али ва Брюс Ли зарбининг тезлиги бир хил, яъни сониясига 120 тани ташкил этган. Али бир пайтлар қамоқда ҳам ўтирган. 1968 йили машинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқарганлиги учун 10 кун қамалган. 

Бокс афсонаси 10-июнь куни Луисвиллдаги Кейв Хилл қабристонига дафн этилади.

Азимжон Пўлатов