Япония божхонаси томонидан Окинава префектурасидаги Наха аэропортида хусусий самолёт бортидан оғирлиги 110 килограмм келадиган олтин партияси топилди, деб хабар берди Киодо агентлиги. 

Олтиннинг тахминий нархи 500 миллион иен (4,5 миллион доллар)ни ташкил этади.

Япония қонунларига мувофиқ, мамлакатга олтин олиб кирилаётганда, унинг ушбу давлат ҳудудида сотилишини ҳисобга олиб 8 фоизли истеъмол солиғи тўланиши шарт. Харидор шартнома пайтида бу суммани тўлайди, шундай экан, охир-оқибат бу пул сотувчига қайтиб келади. Чегарадан ўтилаётганда солиқ тўловини тўламаслик контрабандачиларга 8 фоиз даромадга эга бўлиш имконини берар эди, мазкур ҳолатда эса бу фоиз даромади 400 минг доллардан иборат бўларди. 

Полиция контрабанда каналининг якудза жиноий гуруҳлари иштирокида йўлга қўйилганини гумон қилмоқда. 

Январь ойида Осакада бунданда катта олтин партияси ва қимматбаҳо буюмлар (130 килограмм олтин ва 586та Rolex қўл соатлари) олиб қўйилганди. Бундай катта миқдордаги қимматбаҳо товарларни Ҳонгконгдан совун сифатида олиб ўтишмоқчи бўлишган. Уларнинг умумий қиймати тахминан 1 миллиард иен (8,5 миллион доллар)ни ташкил этган. Жиноятчилар 12та қутида косметика воситалари ва совунлар остига олтин бўлаклари ва соатларни жойлаштиришган. Контрабандачиларнинг уларни ташиш вақтидаги ҳаракати Кансай аэропорти божхонаси ходимларида шубҳа уйғотган ва шу тариқа жиноятчилар қўлга олинган.