Агар сиз ҳам мўъжизавий ўйин мухлиси бўлсангиз ўз йўлига, лекин футболга қизиқмасангиз ўзингизга қийин. Чунки, кириб келган бир ой давомида қаерда тўртта эркак тўпланса, ўша ерда футбол асосий мавзуга айланади. Шундай экан, бугунги мақоламизга бир кўз югартириб чиқиш сиз учун фойдадан ҳоли бўлмаса керак. Деамк, кейинги ҳафтадан миллионлар ўйини ишқибозлари орзиқиб кутаётган турнир -  футбол бўйича Европа чемпионати бошланади.

Кўп сонли ўзбек ишқибозларни  бир савол қийнаётгани ҳам аниқ. “Евро -2016даги баҳслар телевидения орқали намойиш этиладими?”. Жуда ўринли савол. Франция давлати географик томондан қараганда биздан узоқ жойда. У ерга бориш учун на вақт ва на имконият бор. Ундан ташқари, футболни телевизорда кўрганга нима етсин!  Завжангизга аччиқ кўк чойни дамлатиб, зангори экран қаршисидаги юмшоқ оромкурсига ўтирасиз... Қарабсизки, қўҳна қитъанинг энг сара жамоалари сиз учун тўп думалатиб юрган бўлади. Бизни Андижонда эътиборга молик ўйинларни ошналар билан чойхонада ёки кўчага ойнаи жаҳонни ўрнатиб, кўпчилик билан тамоша қилишни ҳам ўрганишган.

Ишқибозлар учун яхши хушхабар бор! Ўзимизнинг «UzReport TV» телеканали 10 июндан бошланажак Европа чемпионати ўйинларини Ўзбекистон бўйлаб трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга қиритди. Биз телеканал Спорт бўлими бошлиғи Ёқубжон Бобожонов билан боғланиб, бу ҳақда суҳбатлашдик. Телеканал ходими бизга қуйидаги маълумотларни берди:

“Бизнинг телеканал юртимиздаги футбол ихлосмандларини талаб ва истакларини ҳисобга олган ҳолда, Англия Премьер лигаси ва Европа Чемпионлар лигаси билан бир қаторда, жаҳонда ўз нуфузига эга бўлган Европа чемпионатини трансляция қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди. Ҳозирда катта футбол байрамини томошабинларга сифатли тарзда етказиш борасида тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мусобақа давомидаги 51та учрашувдан 45таси тўғридан-тўғри жонли тарзда эфирга узатилиб, қолганлари маълум сабабларга кўра(гуруҳ босқичидаги сўнги тур ўйинлари бир вақтда бошланиши ҳисобга олинган) ёзиб олинган ҳолда намойиш қилинади. Ишқибозлар чорак финалдан бошлаб, аҳамиятли баҳсларни (1/4, 1/2 ва финал ўйинлари) ҳам жонли тарзда, ҳам такроран кўришлари мумкин. Ҳар бир ўйин трансляцияси эфир вақтидан 15 дақиқа аввал бошланиб, унда футболчиларни стадионга кириб келиши, ўйинолди машғулотлар жараёни, мусобақадаги ажойиб муҳит билан боғлиқ қизиқарли лавҳалар берилади.  Баҳсларни шарҳловчилар - Даврон Файзиев, Ёқубжон Бобожонов ва Санжар Ризаевлар олиб борадилар. Булардан ташқари, барча ишқибозларга таниш бўлган яна бир инсонни Евро-2016 ўйинларини шарҳлаш учун таклиф этмоқчимиз. Бу инсоннинг исми-шарифи мухлислар учун сир бўлиб қола турсин. Телеканалимиз кўрсатувлари  кенг оммага рақамли тарзда олиб берилиши билан бирга, сунъий йўлдош орқали ҳам узатилади. Параболик антеннага эга томошабинлар ўз тюнерларини  Yamal 401 сунъий йўлдошига созласалар бас. Мақсадимиз, Евро-2016 мусобақасини интизорлик билан кутаётган ўзбек ишқибозларига баҳсларни кўнгилдагидек намойиш қилишдан иборатдир.”

Элмурод ЭРМАТОВ суҳбатлашди.