Энг машҳур «Antutu» бенчмарки сайтида 2016 йилнинг май ойига кўра энг самарадор смартфонлар рўйхати ҳавола этилди.

Натижалар кўпчиликни ажаблантириши мумкин, бироқ умумий олганда улар кутилганидек -  етакчи поғоналарни 6 гигабайтли оператив хотирага эга бўлган қурилмалар эгаллади. Бу ҳақида Androidinsider.ru ресурси маълум қилди. 

Илк учта ўрин  «Vivo Xplay 5 Elite», «LeEco Max 2» ва «Lenovo ZUK Z2 Pro» қурилмаларига насиб этди. Бу уч қурилма ўхшаш хусусиятларга эга бўлиб, уларнинг барчасини «Snapdragon 820» процессори ва 6 Гб оператив хотира бирлаштириб туради. 

Уларнинг учаласи ҳам тахминан бир хил баллга эга бўлишган: энг самарадор қурилма ҳисобланмиш «Vivo Xplay 5 Elite» - 138706 балл, «LeEco Max 2» - 138026 балл ва «Lenovo ZUK Z2 Pro» эса 136853 балл тўплашди. 

Тўртинчи ва бешинчи ўринларни «Snapdragon 820» процессор ва 4 гигабайтли оператив хотира билан таъминланган «Xiaomi Mi5» ва «Samsung Galaxy S7 Edge» қурилмалари эгаллашди. 

Олтинчи ҳамда еттинчи поғоналардан 133781 ва 131401 балл тўплашга муваффақ бўлган «iPhone 6S», «iPhone SE» қурилмалари жой олган. 

Саккизинчи ўринда «LG G5» смартфони жойлашиб, у 128232 балл тўплади. 

Ўнталикнинг тўққизинчи қаторини 96756 балл билан «Meizu Pro 6» қурилмаси банд этди ва ниҳоят, рўйхатни 94 мингдан сал кўпроқ баллга эга бўлган «Honor V8» смартфони якунлайди. 

Бундай натижалар кутилган, аммо илк тўртта ўриннинг хитойликларнинг брендларига насиб этиши бироз ажаблантиради, ахир авваллари биринчи ўринларни номдор брендлар эгаллар эди, Хитой маҳсулотларидан эса рўйхатда фақат «Xiaomi» қурилмаларини кўриш мумкин бўларди. 

Бошқа томондан эса, «Xiaomi Mi5» ва «Samsung Galaxy S7» у қадар янги маҳсулот эмас, шу боис охирги пайтда Хитой бозорининг сезиларли равишда кўтарилганини ҳисобга оладиган бўлсак, улардан мўъжиза кутишнинг ҳожати йўқ.