Италия футбол федерацияси (FIGC) президенти Карло Тавеккио Евро-2016 мусобақасидан кейин миллий терма жамоа бош мураббийи лавозимини "Торино" клуби бош мураббийи Жампьеро Вентура эгаллашини маълум қилди. Бу ҳақда La Gazetta dello Sport нашри хабар бермоқда.

Таъкидланишича, 68 ёшли Вентура 1,3 миллион евролик маош билан икки йиллик шартнома имзолайди. Тавеккио, шунингдек, Вентура бу лавозимга "жамоаларни бошқаришдаги бой тажрибаси ва юқори маънавий сифатлари" сабабли танланганини қўшимча қилди.

Терма жамоанинг амалдаги бош мураббийи Антонио Контенинг Италия футбол федерацияси билан шартномаси Евро-2016’дан кейин якунланади, шундан кейин у "Челси" клубига мураббийлик қилишни бошлади. Конте клуб билан 3 йиллик шартнома имзолаган.

Вентура мураббийлик фаолиятини 1976 йилда "Сампдория"нинг ёшлар жамоасида ишлашдан бошлаган. Шундан кейин у "Венеция", "Лечче", "Сампдория", "Удинезе", "Наполи" каби клубларга мураббийлик қилган. У энг узоқ вақт, яъни 2011 йилдан 2016 йилгача "Торино"га мураббийлик қилган. Вентура клубга Италиянинг олий дивизионига чиқишида ёрдам берган.