Сурия қўшинларининг Раққа провинциясидаги олға ҳаракатлари, Россия  қўллаб-қувватлаётган ҳукумат армиясининг АҚШ кўмагига таянган мухолифат кучлари билан ўзаро тўқнаш келиш эҳтимолини кучайтиради, деб ёзмоқда Financial Times газетаси.

Хабар қилинишича, америкалик мулозимлар воқеаларнинг бундай ривожини рад этишаётган бўлса-да, экспертлар бошқача фикрда. Уларнинг айтишларича, Раққа остоналарида турган иккита армия стратегик муҳим шаҳарни ўз назоратига олиш учун бир вақтнинг ўзида ҳужум қилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. 

Нашрга кўра, бу қалтис вазият Суриядаги шундоқ ҳам кескин ҳолатни янада жиддийлаштириб, Россия ва АҚШ ўртасидаги тарангликни кучайтиради, холос. 

FT газетасида чоп этилган бошқа бир мақола муаллифининг ёзишича, томонлар можарога барҳам бериш учун бирга ҳаракат қилиш ўрнига стартегик эҳтимолни кучайтириб, рақибни икки томондан сиқувга олмоқда. 

Шу билан бирга, газета бошқа бир тахминни ҳам илгари сурган. Унга мувофиқ, Россия ҳукумат қўшинларини тезроқ ҳаракат қилиб, Раққани эгаллашига ундаши мумкин. Бунда қачонлардан бери ёрдам беришга ваъда қилиб келаётган америкаликлардан ўзига хос ўч олинади. 

FTнинг қайд этишича, Россия ва АҚШ айни вақтда Раққа бўйича ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмоқда. Бу бир жиҳатдан мақтовга сазовор иш бўлса ҳам, АҚШнинг Сурия ҳукумат қўшинлари билан ҳамкорлик қилиши исёнчиларнинг унга нисбатан ишончини чиппакка чиқариши мумкин.