Қозоғистон ИИВ Ақтўбедаги ёзги оромгоҳ олдида радикаллар томонидан навбатдаги отишма содир этилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати вакили Алмас Садубаевга асосланиб, Total.kz хабар берган.

"Оромгоҳ қоровулларига ҳужум қилингани ҳақидаги хабар текширилди ва тасдиқланмади", деган Садубаев.

У ИИВнинг шахсий таркиби Ақтўбеда қатъий тартибда озодликда қолаётган жиноятчиларни қидиришда давом этаётганини маълум қилган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам бу маълумотни тасдиқламади.

Бундан олдинроқ, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Владимир Жумаканов мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашувда шундай маълумот келиб тушгани ҳақида айтиб ўтганди.