Қозоғистон парламенти қуйи палатаси халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Маулен Ашимбаевнинг баёнотига кўра, Ақтўбедаги воқеалардан сўнг, терроризмга қарши қонун ҳужжатлари таҳлил қилинган ва зарурат бўлса янада жиддий тус олиши мумкин. 

"Бир неча йиллар аввал қабул қилинган қонунлар бор, аммо яқинда бўлган воқеалардан кейин ушбу меъёрларнинг таъсирчанлиги ва самарасини яна бир бор кўздан кечирамиз. Зарурат бўлса, терроризм ва экстремизмга қарши курашга кескин тус бериш учун уларга қўшимчалар киритамиз", — деган қуйи палата депутати журналистлар билан мулоқотида. 

Унинг сўзларига кўра, қонуннинг бу каби нохушликларнинг олдини олишга қаратилган жиҳатларини кучайтириш лозим. 

Депутатнинг ишонч билдиришича, Ақтўбе воқеаларидан "аниқ хулоса қилинади". "Эндиликда, терроризм, экстремизмнинг ҳар қандай кўриниши аёвсиз бостирилади, олди олинади", — деб баёнот берган Ашимбаев.