Франция пойтахтидаги сув тошқинидан кейин Лувр ва д'Орсе музейи ўз ишини қайта тиклади, деб хабар беради The Local. Кўргазма мажмуалари беш кун давомида фаолият кўрсатмади. 

Париждаги Сена дарёсининг сув сатҳи 1982 йилдан бери рекорд кўрсаткичларга кўтарилди. Сена дарёси тошиши натижасида Лувр хавф остида бўлган санъат асарларининг бир қисмини эвакуация қилган. 

5 июнь куни Сенадаги сув сатҳи 6 метрга пасайди, шундан сўнг синоптиклар сел чўққиси ўтганини маълум қилишди. 

Лувр 8 июнь, чоршанба куни соат 9:00да очилди. Сув тошқинидан санъат асарларининг зарар кўрмаганлиги, бироқ сотилмаган чипталар туфайли музей 1,5 миллион евро зиён кўргани таъкидланди.

Д'Орсе музейи соат 9:30дан ўз ишини қайта йўлга қўйди. Берилган маълумотларга кўра, бу музейда сув тошқинидан зарар кўрилмаган.