Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Владимир Жумаканов билан учрашди. У давлат раҳбарига Ақтўбе вилоятидаги аксилтеррор операция натижалари ҳақида ҳисобот берди. Бу ҳақида 8 июнь куни Қозоғистон президентининг расмий сайтида маълум қилинди.

Назарбоевнинг маълум қилишича, махсус хизмат ходимлари минтақадаги терактга алоқадор кишиларнинг шахсини аниқлашган.

"Жиноятчиларнинг барчасини қўлга олиш керак. Қуролли қаршилик кўрсатилган тақдирда йўқ қилинсин. Ҳамма иштирокчилар қатъий жазоланиши шарт", - дея таъкидлади у. 

Миллий хавфсизлик хизмати раиси президентга 13 нафар экстремистнинг йўқ қилингани, 14 нафарининг яралангани ва яна 6 кишининг қидирувда эканлигини маълум қилди. Жумаканов шунингдек ҳужумга тайёргарлик жараёнида 20 кишининг ундан воз кечганини билдирди. Хавфсизлик кучлари уларнинг шахсини аниқлаб, сўроққа тутишган.