Нигерия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Стивен Кеши 54 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Нигерия футбол федерацияси сайтида хабар қилинган.

Унинг ўлими тафсилотлари келтирилмаган.

Кеши ўз вақтида футболчи сифатида Бельгиянинг "Локерен", "Андерлехт" ва "Моленбен" жамоаларида, шунингдек Франциянинг "Страсбург" жамоасида тўп сурган. Ҳимоячи амплуасида ҳаракатланган Кеши миллий терма жамоа сафида 64та ўйинда майдонга тушиб, 9та гол урган. У 1994 йили АҚШ майдонларида ўтказилган Жаҳон чемпионатида иштирок этган.

У ўз мураббийлик фаолиятида Того, Мали ва Нигерия терма жамоаларини бошқарган. Кеши тоголикларни 2006 йилги ЖЧга олиб чиққан, лекин терма жамоани Африка Кубогидаги муваффақиятсизлик туфайли Германиядаги мундиал бошланиши арафасида тарк этган. У Нигерия терма жамоаси билан 2013 йилги Африка Кубогида ғолиб бўлган.