Экспертларнинг аниқлашича, америкалик аёлларнинг 40 фоизи ва эркакларнинг 35 фоизи ортиқча вазндан азият чекишади. Бу ҳақида New York Post хабар қилди.

Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг тиббий маркази парҳезшуноси Дана Ханнес бундай статистикани хавфли деб атади.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг вазнни камайтириш ҳамда соғлом овқатланиш борасида олиб бораётган ишларига қарамай, АҚШда семизликдан азият чекувчи аҳоли сони ўсишда давом этмоқда.

Ортиқча вазнга эга америкалик аёллар сони энг юқори кўрсаткични қайд этди, худди шу муаммо қийнаётган эркаклар сони эса тахминан ўн йил аввалги кўрсаткич билан бир хил даражада. 

1980 йиллар бошига қадар АҚШ катта ёшли аҳолисининг атиги 16 фоизи семизликдан азият чеккан. Бугунги кунда эса бу кўрсаткич 38 фоизгача ўсди.