Оқ уй вакили Жон Фридманнинг маълум қилишича, АҚШ президенти Барак Обама жума куни афсонавий боксчи Муҳаммад Алининг дафн маросимида иштирок этиш учун Луисвиллга бормайди.

«Президент бу вақтда рафиқаси билан бирга Вашингтонда қизи Малиянинг битирув оқшомида бўлади», — деган у.

Унинг айтишича, Обаманинг энг яқин ёрдамчиларидан бири дафн маросими вақтида президент ва биринчи хоним номидан йўлланган хатни ўқиб беради.

Эслатиб ўтамиз, 74 ёшли Муҳаммад Али 3 июнь куни Американинг Финикс шаҳридаги касалхоналардан бирида вафот этди.

Шифохонага боксчи нафас олиш билан боғлиқ муаммолар туфайли етказилган эди.

Маросмида Уилл Смит ва Леннокс Льюис Муҳаммад Алининг тобутини кўтариб боради. Марҳум билан видолашув маросимида унинг тобутини, боксчининг яқинлари ва қариндошларидан иборат 8 киши кўтариб боради. Унинг тобути 5 июнь куни она шаҳри Луисвилль (Кентукки штати)га келтирилган эди. 10 июнь куни дафн маросими бўлиб ўтади. 

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Иордания қироли Абдуллоҳ II ибн Ҳусайн ушбу дафн маросимига боради.

Бундан олдинроқ Нью-Йорк кўчаларидан бирига вақтинчалик Муҳаммад Али номи берилгани тўғрисида хабар қилинганди.