Португалиялик футболчи Криштиану Роналду ва франциялик собиқ футболчи Зинедин Зидан мухлислар талқини бўйича барча замонлар Европа чемпионатларининг рамзий терма жамоаси таркибига киритилдилар. Бу терма жамоага киритилганлар рўйхати УЕФА расмий сайтида чоп этилди.

Мухлислар 1960 йилдан бери 4 йилда бир марта ўтказиладиган Европа чемпионатлари тарихида ўзини ёрқин намоён қила олган 50 нафар даъвогардан энг зўрларини танлашлари керак эди.

Овоз бериш натижасига кўра 11 нафар энг яхши ўйинчининг рўйхати қуйидагича кўриниш олди: дарвозабон - Жанлуиджи Буффон (Италия); ҳимоячилар - Франц Беккенбауэр, Филипп Лам (Германия), Карлес Пуйоль (Испания), Паоло Мальдини (Италия); яримҳимоячилар - Зинедин Зидан (Франция), Андреа Пирло (Италия), Андрес Иньеста (Испания); ҳужумчилар - Криштиану Роналду (Португалия), Марко ван Бастен (Нидерландия), Тьерри Анри (Франция).

Рамзий терма жамоа сафига кирувчи даъвогарлар орасида собиқ иттифоқнинг икки ўйинчиси – 1960 йилги Европа чемпионлари Лев Яшин ва Валентин Иванов ҳам бўлган.