Халқаро дзюдо федерацияси 2016 йилнинг 5–21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар рўйхати эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси саккизта йўлланмага эга бўлди. Жумладан, эркаклар терма жамоаси барча еттита (-60 кг, -66 кг, -73 кг, -81 кг, -90 кг, -100 кг ва +100 кг) вазнда йўлланмага эга бўлди. Аёллар терма жамоасидан биргина Гулноза Матниёзова (-70 кг) қитъавий квота орқали Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра, эркаклар ўртасида ҳар бир вазн тоифасида 1–22-ўринни, хотин-қизлар орасида эса 1–14-поғоналарни эгаллаган спортчилар Рио–2016 ўйинларига йўлланма олади. Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир нафар спортчи йўлланмага эга бўлади. Бундан ташқари, қитъавий квоталар орқали ҳам спортчиларга Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари берилади.
Эркаклар терма жамоасининг икки нафардан спортчиси -60 ҳамда -81 килограмм вазн тоифаларида кучли 22 таликдан ўрин эгаллаган. Булар, Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) ва Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) ҳамда Шаҳзодбек Собиров (-81 кг) ва Яҳё Имомов (-81 кг). Уларнинг қай бири Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўл олиши Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинади.

Қолган вазн тоифаларида Ришод Собиров (-66 кг), Мирали Шарипов (-73 кг), Шерали Жўраев (-90 кг), Сойиб Қурбонов (-100 кг) ва Абдулло Тангриев (+100 кг) кучли 22 таликдан ўрин эгаллаб, Олимпиада ўйинларининг йўлланмасига эга бўлди.