Самарқандда жамоат транспорти чиптачилари йўловчиларга қайтимни тўғри беришлари учун 100 сўмлик пуллар билан таъминланади, деб хабар бермоқда "Самаркандский вестник". Бундай қарор "Самарқандтрансмаркази"нинг йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи ташкилот раҳбарлари иштирокидаги йиғилишида қабул қилинди.

Жамоат транспортида ишловчи барча вояга етмаган чиптачилар 18 дан 35 ёшгача бўлган чиптачилар билан алмаштирилади.

Транспорт рейсга чиқишдан аввал чиптачи ва ҳайдовчилар ташқи кўриниши текширилади. Ҳар бир ҳайдовчидан улар вазият қандай бўлишидан қатъи назар, йўловчилар билан хушмуомала бўлиш, салонда чекмаслик, жадвал бўйича ҳаракатланиш, одамларни фақатгина бекатларда тушириш-олишни амалга оширишлари ҳақида тилхат олинади.

Агар аҳоли томонидан қоидабузар йўналиши бўйича шикоят тушса, йўналиш тендер асосида қайта танланади ва бошқа ҳайдовчига бириктирилади.