Исландиялик актёр, пауэрлифтер Хафтор Бьернссон “Реал” клуби ҳамда Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналдуга таҳдид қилди. Бу ҳақда Eurosport хабар бермоқда.

"Менинг исмим Хафтор Бьернссон. Мен “Тахтлар ўйини” сериалидаги Гораман. Криштиану Роналдуда гапим бор. Мен сенинг Европа чемпионатида биринчи ўйинни Исландияга қарши ўтказишингни биламан. Агар менинг жамоамга гол уришга ҳаддинг сиғса, унда сени топаман ва бошингни мажақлаб ташлайман. Буни Оберин Мартелл билан қандай қилган бўлсам, ўшандай қиламан", — деди у ўзи томонидан тайёрланган видеороликда.

27 ёшли Хафтор Бьернссон — “Ер сайёрасининг энг бақувват кишиси” мусобақаларининг бир неча бор ғолиби ҳисобланади. 206 см бўйга эга Бьернссоннинг вазни 170 кг.

Футбол бўйича Европа чемпионати Францияда 10 июндан 10 июлга қадар бўлиб ўтади. Португалия ва Исландия ўйини 14 июнга белгиланган.