Италиянинг "Рома" клуби сардори Франческо Тотти клуб билан 2016/17 йиллардаги мавсум охиригача янги келишув имзолади. Тоттининг аввалги шартномаси муддати 30 июнда тугаётган эди.

Келишувнинг молиявий шартлари ошкор қилинмаган.

"Мен бу шартномани жуда хоҳлагандим. Бу орзуимнинг амалга ошишидир. Мен доимо фаолиятимни "Рома" футболкасида якунлашни истардим", деб изоҳ берди Тотти.

Ўтган мавсум давомида 39 ёшли ҳужумчи билан бош мураббий Лучано Спаллетти орасида тушунмовчилик юзага келган. Ўйинчи унга тақдим қилинаётган ўйин вақти миқдоридан норозилик билдириб, мавсум тугагач фаолиятини якунлаши мумкинлигини айтганди.

Тотти "Рома" сафида 1993 йилдан бери тўп суриб келади. Футболчи клуб учун 700 дан кўпроқ ўйин ўтказган ва 300 га яқин тўп урган. У клуб билан Италия чемпиони бўлган, икки мартадан миллий кубок ва суперкубокларни ютган. У ўтган мавсумда 15 та ўйин ўтказиб, 5 та тўп муаллифига айланган.

Тотти Италия терма жамоаси сафида 2006 йилги жаҳон чемпиони ҳисобланади.