Ўзбекистоннинг Урганч шаҳридаги аэропортга шошилинч равишда қўнган EgyptAir самолёти бортидан портловчи қурилма ёки бошқа шубҳали буюмлар топилмади ва портлаш хавфи ҳақидаги маълумот ёлғон бўлиб чиқди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Миср фуқаролик авиациясига асосланиб хабар тарқатди.

"Самолёт учиб кетишга тайёрланмоқда. Портлаш хавфи ҳақидаги маълумот тасдиқланмади", дейилган хабарда.

Мисрнинг EgypAir авиакомпаниясига тегишли А-320-220 авиалайнери Қоҳира-Пекин йўналишида (MS955 рейси) парвозни амалга ошираётганда чоршанба куни 8:00 да Урганч аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.

Шундан сўнг, унинг йўловчилари ҳамда экипаж аъзолари хавфсиз ҳудудга кўчирилиб, бортда текширув ишлари олиб борилди.

Бу воқеа туфайли Урганч аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун вақтинчаликка ёпиб қўйилди.